ҲАЙКАЛЛАР ЮРИБДИ ЎЗБЕКИСТОНДА
Аламлар зўридан дийдалар қотди,
Руҳга жо орзулар қолди армонда.
Ҳокисор танларни босиб ва янчиб-
Ҳайкаллар юрибди Ўзбекистонда.
Кўзи-тош. Кўкси тош. Оёклари тош.
Билмам, бунёд этмиш қайбир сангтарош...
Гўдаклар додидан кийиб бошга тож-
Ҳайкаллар юрибди Ўзбекистонда.
Бешафқат, беимон, мунофиқ, айёр,
Неки иллат бўлса-барчаси бисёр...
Элга эълон этиб ўзин ҳукмдор-
Ҳайкаллар юрибди Ўзбекистонда.